Ўзбек футболида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлган
"Нефтчи” жамоаси учун 2012 йил унутилмас йил сифатида якунига етди. 1962 йили Фарғона Нефтни қайта ишлаш заводи қошида, "Нефтяник” номи остида асос
солинган "Нефтчи” клубининг ташкил топганига бу мавсум 50 йил тўлди.
Мамлакатимизнинг етакчи клубларидан бири саналган "Нефтчи” ўзининг ярим асрлик
шонли тахирига эга. Буни ҳозирги кунда ҳар қандай ишқибоз жуда яхши билади.
1992 йили миллий чемпионатимиз йўлга
қўйилгандаёқ жамоа улкан муваффақиятларга эришишни бошлаган. "Нефтчи” кетма-кет тўрт йил Ўзбекистон чемпиони бўлгани ҳам сўзимизни
тасдиқлаб турибди. Бундан ташқари фарғоналиклар 1994-1995 йиллардаги мавсумда
Осиё чемпионлар Кубоги турнирида илк бор иштирок этиб бронза медали совриндори
бўлищган. Шунингдек, жамоа Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Кубогида финалгача
етиб бориб, кумуш медалларини қўлга киритган. Бу мусобақалардан ташқари
"Нефтчи” Осиё кубоклар эгалари Кубоги, Осиё Чемпионлар лигаси ва ОФК Кубогида
ҳам муносиб иштирок этган. Халқаро майдонларда фарғоналиклар "Сайпа” (Эрон), "Ал
Араби” (Қатар), "Истиқлол” (Эрон), "Ал Иттиҳод” (Саудия Арабистони), "Сепахон”
(Эрон), "Ал Садд” (Қатар”) каби Осиёнинг кучли клублари билан куч синашган.
Жамоа олий лигадаги 21 йиллик иштироки давомида
5 карра мамлакат чемпиони бўлишдан ташқари 9 бор кумуш медал ҳамда бир марта
бронза медал совриндорига айланган. Ўзбекистон Кубогида
эса фарғоналиклар икки марта зафар қучишганини ҳам айтиб ўтиш керак. Ўтган 50
йиллик давомида "Нефтчи” клубидан моҳир футболчилар етишиб чиққан. Собиқ
иттифоқ чемпионати даврида А.Татьянин, Г.Мотлох, С.Рузанов, Ю.Саркисян,
П.Агеев, Яков ва Владимир Эннс "Нефтчи”нинг етакчи ўйинчилари бўлишганини катта
ёшдаги мухлислар яхши билишади. Миллий чемпионатимизда эса Сергей Завальнюк,
Абдусамад Дўрмонов, Андрей Фёдоров, Равшан Бозоров, Рустам Дўрмонов, Александр
Тихонов, Сергей Лебедов, Степан Атоян, Андрей Микляев сингари чарм тўп усталари
айнан "Нефтчи”да камол топишган. Бундан ташқари бу футболчилар фаол ўйинлари
эвазига спорт устаси деган унвонга ҳам сазовор бўлганлар. Қолаверса, "Нефтчи”
клуби ўзбек футболига кўплаб иқтидорли футболчиларни етиштириб берган. Сергей
Ни, Акмал Холматов, Владимир Радкевич, Умид Исоқов, Мансур Саидов, Иқбол
Акрамов, Ислом Тўхтахўжаев шулар жумласидандир. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки,
бугунги кунда "Нефтчи” ёшарган таркиб билан ҳам мамлакатимизда етакчи
клублардан бири саналади. Шу билан бирга "Нефтчи”нинг яқин ўтмишдаги энг моҳир
ярим ҳимоячиси бўлган Сергей Лебедов 1997 йили жаҳон терма жамоаси сафида дунё юлдузлари билан ёнма-ён тўп сурган ўзбекистонлик биринчи
футболчи сифатида тарихда қолган.
Албатта,
"Нефтчи” клубининг 50 йиллик тарихида Юрий Вазгенович Саркисян муҳим ўрин
тутади. Фарғоналиклар шу пайтгача эришган деярли барча ютуқларида бу
мураббийнинг хизмати беқиёсдир. Юрий Вазгенович "Нефтчи”га 1976 йили дастлаб
футболчи сифатида келган ва шундан бери у Фарғонада фаолият кўрсатиб келмоқда.
Жамоа шарафини бир неча йил ҳимоя қилган Саркисян 1982-1986 йиллар мобайнида
мураббий бўлиб ишлади. Шунингдек, бу вақт оралиғида у Москвадаги мураббийлар
олий мактабида таҳсил олди. 1987 йили эса Саркисян "Нефтчи” жамоасига бош
мураббий этиб тайинланди. Мана 25 йилдирки, Юрий Вазгенович фарғоналикларга
ҳамон устозлик қилиб келмоқда. Саркисян бир жамоани узоқ бошқариш борасида
мамлакатимиз рекордчиси саналади. Чунки Ўзбекистонда у каби ҳеч қайси мураббий
бир жойда шунча муддат фаолият юритмаган. Шунинг учун Юрий Вазгеновични жаҳон
футболида "Манчестер Юнайтед” устози сэр Алекс Фергюссонга қиёслашади. Мустақил
чемпионатимиз ўтказилиб келинаётгандан буён Саркисян "Нефтчи” билан жуда кўплаб
совринларни қўлга киритди. Беш марта мамлакат чемпиони бўлиш юртимизда
Саркисяндан бошқа мураббийга насиб этмаган. Шу билан бирга у жамоасига 9 бор
кумуш медалини келтиргани билан ҳам ўзига хос натижа кўрсата олган. 1990 йили
Юрий Вазгенович Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий унвонига
сазовор бўлган. Бундан ташқари "Нефтчи”да қилган меҳнатлари Юртбошимиз
томонидан муносиб тақдирланиб 1997 йилда "Дўстлик” ордени билан мукофотланган.
Шунингдек, 2007 йили Саркисян "Меҳнат шуҳрати” кўкрак нишони билан ҳам
тақдирланган. Қолаверса, у чемпионат якунларига кўра бир неча бор йилнинг энг
яхши мураббийи ҳам бўлган. Юрий Вазгенович "Нефтчи”да терма жамоаларимизга
муносиб футболчиларни тарбиялаб бермоқда. Шу пайтгача унинг қўл остида жуда кўп
ўйинчилар етишиб чиққан. Саркисяннинг бугунги кундаги мураббийлик фалсафаси ёш
кадрларни тарбиялашга қаратилган. Шу боис у сўнгги йилларда асосан ёшларга
ишонч билдирмоқда. Тажрибали мураббийнинг бундай иш услуби ёмон натижа
бермаяпти. Чунки Саркисян ҳар йили "Нефтчи”да бирор-бир футболчини кашф
этмоқда. "Нефтчи”нинг ташкил этилганига 50 йил тўлган бўлса, Юрий Вазгенович
қарийб 35 йилдан буён жамоада эканлиги эътиборга моликдир. Тажрибали мутахассис
ҳали яна узоқ вақт "Нефтчи”га бошчилик қилишни мақсад қилган ва бу фаолиятида
Саркисянга сиҳат-саломатлик ва омад тилаймиз.

